ИНТЕРНЕТ ТАРМОҒИ МИЛЛИЙ СЕГМЕНТИНИНГ ДОМЕН НОМИДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМ 1.1 Ушбу Низом домен номлардан фойдаланиш тартибини ўрнатади, Интернет тармоғи миллий сегментидаги юқори даражадаги «.uz» доменида (бундан кейин «.uz» домени зонаси) ўз фаолиятини амалга оширувчи иштирокчиларни ва уларнинг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини белгилайди. 1.2 Ушбу Низом талаблари «.uz» домени зонасида домен номларини рўйхатга киритиш ва бошқариш бўйича ўз фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир. Ушбу Низомда 2003 йилда 137-сон билан рўйхатга олинган «.uz» зонасида доменларни бошқариш тартиби тўғрисида низом» норматив ҳужжатга ҳаволадан фойдаланилган. 3.1 Ушбу ҳужжатда қуйидаги атамалар тегишли таърифлари билан қўлланилган: 3.1.1 домен маъмури: Номига домен номи қайд этилган юридик ёки жисмоний шахс. Домен маъмури домен эгаси ҳисобланади. 3.1.2 «.uz» домени маъмури: Ўзбекистонда юқори даражадаги «.uz» миллий домени ривожланишини бошқариш ва мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ташкилот. 3.1.3 рўйхатга киритишни бекор қилиш (домен номини чиқариб ташлаш): Домен номи ва унинг маъмури тўғрисидаги ахборотни Реестрдан чиқариш. 3.1.4 домен: Интернет тармоғининг номи кўрсатилган мезон бўйича ажратилган ва уни сақлаб туриш учун жавобгар ташкилотнинг тасарруфига берилган бир қисми. Изоҳ – Ташкилотнинг ҳуқуқи кўпинча фақат номларни тайинлаш билан чекланади. Домен бўйича компьютернинг турган жойи аниқланади ва унга кириш имкони яратилади. 3.1.5 домен номи: Номларнинг домен тизимига мувофиқ компьютер тармоғи узелига берилган ноёб белгили ном. 3.1.6 талабнома берувчи: Регистраторга домен номини рўйхатга киритиш учун талабнома билан мурожаат қилган юридик ёки жисмоний шахс. 3.1.7 талабнома: Талабнома берувчининг белгиланган шакл бўйича регистраторга домен номини рўйхатга киритиш/қайта рўйхатга киритиш ёки аввал тақдим этилган маълумотларни ўзгартириш учун зарур бўлган барча маълумотларни ичига олган мурожаати. 3.1.8 «.uz» зонаси: Интернет тармоғининг Ўзбекистон сегменти учун ажратилган домен номлари тўплами. 3.1.9 регистратор: Домен номларини рўйхатга киритиш юзасидан хизматлар кўрсатувчи ва рўйхатга олиш учун реестрга зарур ахборотнинг киритилишини таъминловчи юридик шахс. 3.1.10 домен номини рўйхатга киритиш: Талабнома берувчининг талабномаси асосида домен номи ва унинг маъмури тўғрисидаги ахборотнинг регистратор томонидан реестрга киритилиши. 3.1.11 реестр: «.uz» доменининг рўйхатга киритилган домен номлари, доменларнинг маъмурлари тўғрисидаги ахборотга, доменларни рўйхатга киритиш учун зарур бошқа ахборотга эга бўлган марказий маълумотлар базаси. 3.1.12 домен номлари тизими (Domain Name System - DNS): Тармоқда боғланган компьютерларнинг ҳар бирига ноёб номларни тайинлашнинг иерархик тизими. Ном доменлардан - чапдан ўнгга ошиб борувчи иерархия даражаларига мос келувчи, нуқталар билан ажратилган қисмлардан иборат. 3.1.13 «whois» тизими: Маълумотлар базасига доменларнинг маъмурлари ва Интернетнинг доменлар, тармоқлар ва хостлар каби бошқа объектлари тўғрисида ахборот олиш учун сўровлар жўнатиш имконини берувчи Интернет дастури. 3.1.14 домен номининг амал қилиш муддати: Регистратор олувчи ва талабнома берувчи ўртасидаги шартномада кўрсатилган муддат. 3.1.15 web-сервер: Сервер дастурий таъминоти билан таъминланган ва Интернет мижозларидан сўровлар олиш, ишлов бериш ва ижро этиш учун мўлжалланган компьютер. 3.1.16 киберсквоттинг (инглизча cybersquatting сўзидан): Домен номларини кейинчалик сотиш мақсадида рўйхатга киритишдан иборат бизнеснинг ўзига хос бир тури. 3.1.17 IP-адрес: Ахборотнинг тармоқдаги ўрнини белгиловчи, рақам шаклида ифодаланган адрес. IP-адрес нуқталар билан бўлинган тўртта рақамли майдондан (IPv4) иборат. 3.1.18 резервланган домен номлари: Юқори даражадаги домен маъмури томонидан давлат эҳтиёжлари учун, умумфойдали мақсадларда фойдаланиш учун ва юқори даражадаги доменнинг барқарор ишлаши мақсадида резервланадиган домен номлари. 3.1.19 махсус домен номлари: Турли даражадаги доменларда, турли шахслар номига резервланадиган, ICANN тавсиясига кўра домен номлари. 3.2 Ушбу ҳужжатда қуйидаги қисқартмалар қўлланилган : 3.2.1 ICANN (Internet Corporation for Assigned Names and Numbers): Тармоқнинг техник инфратузилмасини бошқариш функциясини амалга оширувчи, Интернетга адреслар ва протоколлар рақамларини бериш бўйича нотижорат ташкилот. Шунингдек, у биринчи даражадаги доменлар номлари базасини сақлаб туради. 3.2.2 IANA (The Internet Assigned Numbers Authority): Internet адреслар, шу жумладан IP-адрес, бутун фазосини тақсимлаш устидан, домен номлари тармоқ хизматининг умумий мувофиқлаштири-лишини ва бошқарилишини ҳамда юқори даражадаги доменларни вакил қилиб юбориш устидан назоратни амалга оширувчи ташкилот. 4.1 «.uz» домен зонасининг амал қилиш соҳаси Интернет тармоғининг Ўзбекистон сегменти, шу жумладан унинг домен номлари тизими глобал бутунжаҳон Интернет тармоғининг ажралмас қисми ҳисобланади. Домен номлар хизмати иш жараёнида ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, ҳам бошқа давлатлар ҳудудида жойлашган техник воситалардан фойдаланади. «.uz» зонасида қуйидагилар учун рўйхатга киритишнинг тақсимланган тизими қўлланилган: ? рўйхатга киритиш хизматларининг тақдим этилишини марказлаштирмаслик; ? рақобат муҳитини яратиш; ? тақдим этилаётган хизматлар сифатини яхшилаш; ? истеъмолчилар учун қўшимча хизматлар ассортиментини кенгайтириш. Рўйхатга киритишнинг тақсимланган тизими асосида ўзаро муносабатларнинг уч даражали модели ётади: - «.uz» домени маъмури; - регистратор; - домен маъмури (эгаси). 4.2 Домен номлари 4.2.1 Ўзбекистон Республикаси коди - «.uz» - Интернет тармоғи DNS домен номлари тизимида юқори даражадаги домен номи билан расман рўйхатга киритилган ҳисобланади. 4.2.2 Расмий сайтдаги домен номини «.uz» зонасида рўйхатга киритишда ушбу домен номини реквизит тарзида қўшиш ва юридик шахсларнинг қуйидаги тоифалари учун амалдаги ҳисоботларнинг барча турларида кўрсатиш тавсия этилади: - давлат ҳокимият ва бошқарув органлари (шу жумладан, ҳокимиятлар) ; - оммавий ахборот воситалари. 4.2.3 Аниқ бўлмаган ёки ёлғон ахборотни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини бузувчи ахборотни «.uz» зонасидаги сайтларда жойлаштирганлик учун жавобгарлик маъмурнинг жойлашган жойи ёки яшаш манзилидан, унинг фуқаролик мансублигидан (жисмоний шахслар учун) ёки, қайд қилинган жойидан (юридик шахслар учун) ва сайтларнинг табиий жойлашувидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги нормаларига кўра домен маъмури зиммасида бўлади. 4.3 «.uz» зонасида домен номларини ажратиш ва улардан фойдаланиш принциплари 4.3.1 Регистраторлар «.uz» зонасида домен номларини ажратишни 2003 йилда 137-сон билан рўйхатга олинган норматив ҳужжат (Низом)га мувофиқ амалга оширадилар. 4.3.2 Географик, резервланган ва махсус домен номларини рўйхатга киритиш ҳамда улардан фойдаланиш ушбу ҳужжатга, 137- ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади. 4.3.3 Муаммолар пайдо бўлганда талабнома берувчи домен номини танлашни регистраторнинг расмий сўровига кўра исботлаб бериши керак. Баҳсли масалаларда «.uz» якуний қарорни домен маъмури қабул қилади. 5.1 Домен номларини тақсимлаш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш 5.1.1 Домен номларини тақсимлаш ва улардан фойдаланишни тартибга солиш реестрга асосан амалга оширилади. Реестрни бошқариш ва хавфсизлигига бўладиган таҳдидлардан ҳимоялашни таъминлаш ҳуқуқлари «.uz» домени раҳбари зиммасига юклатилади. 5.1.2 Регистраторлар «.uz» зонасида домен номларини ажратиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар. 5.1.3 Регистраторлар реестрни бошқариш ҳуқуқига эга эмаслар. 5.1.4 «.uz» домени маъмури регистраторга «.uz» зонасини бошқариш ҳуқуқини бера олмайди. 5.2 Киберсквоттингнинг олдини олиш йўллари 5.2.1 Талабнома берувчи доменни шахсий эҳтиёжлари учун рўйхатга киритиши керак. Домен номи сифатида домен эгаси билан айнанлаштириладиган қисқача сўзли белгилашдан фойдаланилиши мумкин: юридик шахслар учун ном ёки товар белгиси фрагменти, жисмоний шахс учун фамилия ёки тахаллус, ўз телефонларининг рақамлари ёки бошқа белгилар. Доменларни қайта сотиш учун рўйхатга киритиш тақиқланади. 5.2.2 Киберсквоттингни бартараф этиш мақсадида «.uz» зонасида фойдаланиладиган махсус ва резервланадиган домен номларининг рўйхати киритилади (А илова). Қуйидаги домен номларини рўйхатга киритишга рухсат этилмайди: - «.uz» билан тугайдиган, агар илгари рўйхатга киритилган домен номи билан тўла мос тушувчи домен номи мавжуд бўлса, масалан, petrov.uz - petrovuz.uz; - Ўзбекистон Республикаси давлат бошлиқларининг фамилиялари. 5.2.3 Домен номларини ушбу Низом кучга киргунга қадар рўйхатга киритилган домен номларининг эгалари, А иловага мувофиқ, рўйхатга киритиш муддати тугагунга қадар доменга эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўладилар. Бу домен номларига рўйхатга киритиш муддатини чўзиш ўтказилмайди. 5.2.4 Савдо маркасининг эгаси савдо маркаси эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида савдо маркаси билан мутлоқ мос тушувчи домен номи мавжудлиги юзасидан ёзма эътироз бериши мумкин. Ушбу савдо маркасига эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда домен эгаси регистратор томонидан савдо маркасига эгалик қилишга ҳужжатлар тақдим этилгани муносабати билан ушбу домен номига рўйхатга киритиш муддатини чўзиш ўтказилмаслиги тўғрисида хабардор қилинади. 5.2.5 Эътироз билдирилган домен номи доменнинг ҳозирги пайтдаги маъмурида рўйхатга киритиш муддатининг охиригача қолади ва «резервланган номлар» рўйхатига рўйхатга киритиш жорий муддатининг амал қилиши тугагандан кейин 30 кун муддатга киритилади. 5.2.6 Агар савдо маркасининг эгаси ушбу домен номига уни рўйхатга киритиш амал қилиш муддати тугагунга қадар эгалик қилишни истаган тақдирда, у судга мурожаат қилиши мумкин. Суд қарори чиққунга қадар эгалик қилиш ҳуқуқи доменнинг ҳозирги пайтдаги маъмурида қолади. 5.2.7 Агар савдо маркасининг эгаси домен номининг жорий амал қилиш муддати тугагандан сўнг 30 кун мобайнида ушбу домен номини рўйхатга киритишга талабнома бермаса, у ҳолда домен номи чеклашларсиз рўйхатга киритиш учун бўш бўлади. 5.2.8 Рўйхатга киритилгандан сўнг ушбу домен номига эгалик қилиш ҳуқуқи ушбу савдо маркасининг эгасида савдо маркасига эгалик қилиш муддати тугагунга қадар қолади. 5.2.9 5.2.4 – 5.2.8-бандлар домен номини рўйхатга киритишга талабнома савдо маркаси рўйхатга олингандан сўнг берилган ҳолларда кўриб чиқилади. Доменни рўйхатга киритишга талабнома савдо маркасини рўйхатга олишдан аввал берилган ҳолда домен эгаси домен номига эгалик қилиш ҳуқуқига одатдаги тартибда эга бўлади. 6.1 Домен номини талабнома берувчи танлайди. 6.2 Регистратор рўйхатга киритиш учун талабнома берилган ва илгари рўйхатга киритилган домен номларининг қандайдир объектлар, ташкилотлар, савдо маркалари, фамилиялар ва тахаллусларнинг уларнинг номларига мувофиқлигининг дастлабки текширувини амалга оширишга ҳақли. 6.3 Домен маъмури домен номи рўйхатга киритилган пайтдан бошлаб домендан фойдаланганлик юзасидан, шу жумладан, домендан ноқонуний мақсадларда фойдаланиш амалда ким томонидан оширилаётганидан қатъи назар, тўлиқ жавобгар ҳисобланади. 6.4 Маъмур ва домен номи тўғрисидаги маълумотлар “whois” тизимида акс эттирилади. 6.5 «.uz» зонасида домен номидан фойдаланганлик сабабли баҳсли вазият юзага келганда томонлар муносабатларини қуйидаги усуллар билан тартибга соладилар: - музокаралар йўли билан; - воситачилик (юридик) хизматлар кўрсатишга ихтисослашган ташкилотга ёрдам сўраб мурожаат қилиш йўли билан; - судга мурожаат қилиш йўли билан. 6.6 Регистратор домен номини рўйхатга киритиш тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган ҳолларда тақдим этиши мумкин. 6.7 Домен маъмури домен номи билан боғлиқ суд даъвоси тақдим этилган ҳолда домен номидан воз кечиш, бошқариш ҳуқуқини бошқа шахсга топшириш, рўйхатдан ўтказиш маълумотларини ўзгартириш, шунингдек домен номининг сақлаб турилишини бошқа регистраторга топшириш ҳуқуқини йўқотади. Чеклов домен маъмури регистраторга ишини кўриш (текшириш) тўхтатилганининг исботини ёки суднинг унинг фойдасига чиқарган қарорини тақдим этмагунча амал қилади. 6.8 Домен маъмури: - домен маъмурига домен номида унга даъвогарнинг ҳуқуқлари бўлган белгидан фойдаланишни ман қилувчи; - доменни бошқариш даъвогар ҳуқуқларининг бузилиши деб тан олувчи (агар бузилган ҳуқуқни тиклашнинг бундай воситасининг қўлланилиши суд қарорига зид бўлмаса); - домен маъмурини домен номидан воз кечишга бошқа бир тарзда мажбур қилувчи суд қарори қонуний кучга кириши билан доменга эгалик қилиш ва уни бошқариш ҳуқуқини йўқотади. 6.9 Регистраторга 6.7- ва 6.8-бандларда кўрсатилган чеклашларга риоя қилинишини даъво берилганлиги тўғрисидаги далиллар олинган пайтдан бошлаб назорат қилади. 6.10 Қарор фойдасига чиқарилган шахс домен номини рўйхатга киритишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади. Бу ҳуқуқни амалга ошириш учун даъвогар суд қарори кучга кирган пайтдан бошлаб уч ойдан кечиктирмасдан танланган регистратор билан шартнома тузиши керак. 6.11 Регистратор ва «.uz» домени маъмури домен маъмури олдида қонуний кучга кирган суд қарорининг бажарилишига қаратилган ҳар қандай ҳаракатлар учун жавобгар эмаслар. «.uz» зонасида фойдаланиладиган махсус ва резервланган домен номларининг рўйхати А.1 Ушбу рўйхат давлат эҳтиёжлари учун, умумфойдали мақсадларда фойдаланиш учун ва юқори даражадаги доменнинг барқарор ишлаши мақсадида махсус ва резервланган домен номларини белгилаб беради. А.2 Махсус домен номлари А. 2.1 Барча даражадаги домен номлари А.2.1.1 ICANN учун: aso dnso icann internic pso А.2.1.2 IANA учун: afrinic apnic arin example gtld-servers iab iana iana-servers iesg ietf irtf istf lacnic lanic rfc-editor ripe root-servers А.2.2 Иккинчи даражадаги қўшимча домен номлари: aero arpa biz com coop edu gov info int mil museum name net org pro Ушбу домен номларини юқори даражадаги «.uz» домен маъмури тақсимлайди А.2.3 Юқори даражадаги «.uz» домен маъмури учун иккинчи даражадаги домен номлари: nic whois www А.3 Резервланган домен номлари А.3.1 Очиқ фойдаланишдаги иккинчи даражадаги домен номлари Очиқ фойдаланишдаги иккинчи даражадаги домен номлари учинчи даражадаги домен номларининг мақсадли вазифаларини ҳисобга олган ҳолда рўйхатга киритиш учун мўлжалланган. Очиқ фойдаланишдаги доменларга қуйидагилар киради: ac.uz – илмий-тадқиқот ташкилотлари, илмий тадқиқотлар олиб борувчи маданият олий ўқув юртлари ва муассасалари учун; com.uz – тижорат ташкилотлари учун; edu.uz – таълим фаолиятини олиб боришга лицензияси бўлган ўқув юртлари учун; int.uz – халқаро ташкилотлар учун; net.uz – Интернет тармоғини ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланувчи ташкилотлар учун; org.uz – нотижорат ташкилотлар учун; pp.uz – жисмоний шахслар учун. А.3.2. Географик домен номлари А.3.2.1 Ўзбекистон Республикасининг вилоятлари, туманлари ва шаҳарларининг қарор топган белгиланишлари ва номлари географик домен номлари деб тан олинади. А.3.2.2 Вилоятлар маъмуриятлари учун резервланган домен номлари рўйхати А 1-жадвалда келтирилган А 1 -жадвал
Ўзбекистон Республикасининг ушбу рўйхатда кўрсатилмаган бир қатор жойлари, шаҳарлари, туманларининг географик домен номларини резервлаш ва рўйхатга киритиш фақат тегишли вилоят, шаҳар, туман давлат ҳокимият ва бошқарув органларидан сўров бўйича домен «.uz» маъмури билан келишувга кўра амалга оширилади. Мисоллар 1 kokand.uz 2 quqon.uz 3 sergeli.uz А.3.2.3 Географик домен номларига, шунингдек бир қатор жойларнинг қарор топган белгиланишлари ҳам тааллуқлидир, агар бу номларнинг мақоми ушбу Низом киритилгунга қадар аниқланган бўлса. Асосий географик номларнинг рўйхати А.2 –жадвалда келтирилган. А.2 жадвал
Ушбу ва уларга ўхшаш географик домен номларини резервлаш ва рўйхатга киритиш нотижорат ташкилотларига «.uz»домени маъмури билан келишувга кўра берилади. А.4 Вазирликлар, идоралар ҳамда давлат ҳокимият ва бошқарув органларининг домен номлари Номида Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳамда вазирликларнинг, идораларнинг номлари ёки номларининг умумқабул қилинган қисқартмалари фойдаланиладиган домен номларини рўйхатга киритиш ва бошқариш давлат ҳокимият ва бошқарув органларидан, тегишли вазирликлардан ва идоралардан тушган ёзма расмий сўровга кўра амалга оширилади. Ушбу органларнинг номлари ва умумқабул қилинган қисқартмалари «.uz» домени маъмури томонидан уч тилда: давлат тилида, рус ва инглиз тилларида лотин графикасида резервланади. Мисоллар 1 minfin.uz 2 munjust.uz |